Найти тему

РОССИЯ ЭТНОГРАФИЯ МУЗЕЙИ КОЛЛЕКЦИЯСИДА ЎЗБЕКИСТОН КАШТА ВА ГИЛАМЛАРИ

Россия этнография музейи (РЭМ)да сақланаётган ўзбек халқининг анъанавий-маиший маданияти ёдгорликлари тўпламида каштачилик санъати бир талай буюмлар – либослар, бош кийимлари, турли буюмлар (белбоғ, ҳамён, халтача ва ҳ.к.), от анжомлари (жул, эгар ёпинчиғи), турли мақсадлар учун тикилган сўзаналар орқали намоён бўлади. XIX аср ўрталаридан ХХ аср ўрталаригача даврларга оид бўлган уч юздан ортиқ чойшаблар ўша пайтлар-да нафақат уйрўзғор буюми сифатида қўлланилар, балки деярли ҳар бир ўз-бек оиласида тайёрланар эди.

Музей ўзининг юз йилдан ортиқ тарихи давомида Ўзбекистон бадиий ма-даниятининг энг ёрқин намуналаридан бири саналувчи сўзаналарга эга бўлиб борган. Улар хусусий шахслардан, ташкилотлардан, амалий-безак санъ-ати кўргазмаларидан ҳамда илмий ходимларнинг ҳудудларга уюштирилган экспедициялари натижасида музейга келиб тушган. Миқдори ва бадиий аҳамиятига кўра XIX аср охири – ХХ аср бошларида тўпланган сўзаналар алоҳида ўрин тутади. Уларнинг орасида музей коллекциясига биринчилардан бўлиб олиб келинган, музейнинг Ўрта Осиё фонди асосчиси – С.М. Дудин 1900–1902 йиллардаги экспедициясида тўплаган каштали буюмларни алоҳида айтиш лозим. Рассом ва Ўрта Осиё санъати билимдони С.М. Дудин тўпламга турига кўра турфа хил ҳамда фақатгина яратилган жойига хос безаклари бўлган сўзаналарни қўшган, уларнинг кўпчилиги сотиб олинишидан анча олдин яратилганлиги сабабли коллекция қайдларида «қадимий» деб юритилган.

1923 йилда музей тўпламига Ўрта Осиё амалий-безак санъати коллекцияси, шу билан бир қаторда ажойиб ўзбек сўзаналари киритилган. Улар таниқли жамоат ва давлат арбоби, санъатшунос ва коллекционер А.А. Половцов томонидан 1896–1897 йилларда Туркистон ўлкасидаги иш фаолияти давомида тўпланган. 1918 йилда унинг рафиқаси С.А. Половцова-Куницина чет элга кўчиб кетишидан олдин ушбу коллекцияни вақтинчалик сақлаб туриш учун музейга берган, аммо турмуш ўртоғи иккаласига ватанга қайтиш насиб қилмагач, беш йил ўтиб коллекция музей фондига тўлиқ ўтказилган. Таркибига кўра муҳим ва қимматбаҳо саналган яна бир ўзбек кашталари коллекцияси XIX аср охири – ХХ аср бошларида рассом, шойи тўқиш ва қадимги рус санъати бўйича мутахассис Д.К. Тренев томонидан тўпланган. Мазкур коллекцияни у Ўрта Осиёдаги Москва мануфактура фирмаларидан бирининг вакили сифатида ишлаб юрганида тўплаган.

Дастлаб, ушбу коллекция Москвадаги Тўқимачилик институтига мўлжалланган бўлган, аммо коллекция соҳиби 1918 йилда уни мамлакатнинг энг қадимий музейи саналган, 1924 йил Халқшунослик давлат музейига айлантирилган Румянцевский жамоат музейига тақдим қилган (кейинчалик СССР халқлари музейи номини олган). Ушбу музей ёпилгач, 1948 йилда Тренев коллекцияси бошқа бир талай этнография экспонатлари билан биргаликда РЭМ тўпламига келиб тушган.

Музейда сақланаётган сўзаналар нафақат турфа хил кўриниши, балки ўзининг илмий хусусияти билан ҳам мутахассисларни ўзига жалб этади. Бун-дай илмий жиҳатларни очиб беришга Ўзбекистон каштачилиги тарихи бўйича машҳур мутахассис О.А. Сухарева маълум даражада кўмаклашган.

РЭМ тўпламида чорвачилик билан шуғулланган ўзбек халқининг анъанавий маиший маданиятини тавсифловчи 30 га яқин артефакт мавжуд бўлиб, уларнинг аксарият қисми гилам ва нақшли матолардан иборат. Бошқа музей тўпламларида ўзбек анъанавий санъатининг ушбу намунаси кам учрашини ҳисобга олсак, улар шубҳасиз бебаҳодир.

Бу санъат намуналари асосан С.М. Дудин томонидан 1900–1902 йиллар-даги экспедиция давомида тўпланган. Шуниси диққатга сазоворки, у музей учун нафақат бадиий жиҳатдан юксак намуналарини, балки тайёрланиши жиҳатидан қадимий бўлган сўзана намуналарни ҳам саралаб олган. Ушбу коллекциядаги экспонатлар орасида тукли ва аралаш анжомлар, баъзан нақшли кашталар билан тайёрланган ва гумбаз синчларига қадалган ёки ўтовларнинг ташқи ва ички деворларини безатишда фойдаланиладиган тасмалар, тўшама гилам ва шолчалар, турли хил ўлчамдаги ва ҳар мақсадда қўлланиладиган тўрваларнинг олд қисмларини кўриш мумкин.

Тайёрланиш услубига кўра қадимий саналадиган, узун тукли жулхирс (жулхирс – айиқ териси) гиламлари, чиндан ҳам айиқ терисига ўхшаши билан ўзига хос қизиқиш уйғотади. С.М. Дудиннинг саъйҳаракатлари, унинг моҳир ва бадиий диди шарофати билан РЭМда бугунги кунда XIX асрнинг иккинчи ярми ўзбек тукли ва туксиз тўқимачилиги асарларининг ноёб тўпламлари мавжуддир.

-2
-3

-4

-5

-6

-7